Аёл фарзандлари билан ўз уйига қайтди

Бугунги кунда эр ва хотин ўртасидаги арзимаган келишмовчиликлар сабаб оила деб аталмиш муқаддас гўшага дарз кетмоқда.
Энг ачинарлиси, уларнинг бу қалтис ҳаракатлари оқибатида вояга етмаган фарзандлар, умрининг қолган қисмини ё отасиз, ё она меҳридан мосуво бўлиб, кўнгли ярим ҳолда ўтказишга мажбур бўлмоқда. Афсуски, жойларда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилишига қарамай, бу борадаги салбий кўрсаткичлар ошса ошаяптики сира камаймаяпти.
Яқинда Қўрғонтепа туманида ҳам ана шундай ҳолат кузатилди. Эр ва хотин ўртасидаги низо натижасида ота фарзандлари ва турмуш ўртоғини уйдан чиқариб юборган. Яхшиямки кўрилган тезкор тадбирлар самараси ўлароқ она ва болаларни суд қарори билан Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан уйга киритилиши таъминланди.
Маълум бўлишича, фуқаролик ишлари буйича Қўрғонтепа туманлараро судининг фуқаро М.Мадалиевани вояга етмаган болалари билан икки нафар фарзандлари билан Қўрғонтепа тумани, Ғайрат маҳалласида жойлашган уй (собиқ турмуш ўртоғининг хонадони)га киритиб қўйиш ҳақидаги ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Қўрғонтепа туман бўлими иш юритувига келиб тушган.
Олиб борилган ижро ҳаракатлари холислар ва мажбурий ижрога жалб этилган мутасаддилар иштирокида М.Мадалиева икки нафар фарзанди билан ижро ҳужжатида кўрсатилган уй-жойга киритиб қўйилди ҳамда бу ҳақида тегишли тартибда далолатнома расмийлаштирилди.
©️Бюронинг Қўрғонтепа туман бўлими