МЕҲНАТ ШАРТНОМАСИ ҚОНУНГА ЗИД БЕКОР ҚИЛИНГАН БАНК ХОДИМЛАРИ ИШГА ТИКЛАНДИ

Конституциямизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг устуворлиги, қонунларнинг устунлиги, ҳуқуқ ва одил судловни тўғри амалга оширишга қаратилган қоидалар ўз ифодасини топган. Конституциянинг 44-моддасида ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқининг кафолатланиши алоҳида ҳуқуқий меъёр сифатида ва суд ҳокимиятининг бошқа давлат органларидан устунлиги белгиланган.
Суднинг одил судловга қаратилган фаолияти фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунларга мослаган ҳолда судга тааллуқли бўлган фуқаролик, оила, меҳнат, уй-жой ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган даъво талабларига оид ишларни, низосиз бўлган алоҳида тартибда кўриладиган ишларни ҳамда давлат идоралари, бошқа идоралар, шунингдек, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари устидан берилган ариза ва шикоятларни кўриш тўғрисидаги ишлар бўйича қонуний асослантирилган, адолатли ҳал қилув қарори чиқариш билан амалга оширилади.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасига кўра, ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир.
Бунга мисол тариқасида фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судида кўрилган ишга тиклаш масаласини мисол қилиш мумкин.
Республикада фаолият юритаётган банклардан бирининг бошқаруви томонидан минтақавий филиалнинг ташкилий тузилмасини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар кўриш қарор қабул қилинади. Унга кўра вилоят минтақавий филиалидаги барча ходимлар меҳнат шартномаси бекор қилиниши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирилади. Иш берувчи меҳнат жамоасида энг узоқ йиллар ишлаган, меҳнат унумдорлиги юқори бўлган ходимлар билан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 103-моддасига зид равишда меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида буйруқ чиқаради.
Шундан сўнг М.М, Ғ.У, М.Ж, Ш.Ф, И.Ш ва И.Длар судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, вилоят минтақавий филиалига ишга тиклашни, буйруқни ғайриқонуний деб топишни, мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи ва маънавий зарар ҳамда олинган ҳуқуқий ёрдам ҳаражатларини ундиришни сўрайди.
Вилоят минтақавий филиали биносида бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида мазкур иш кўриб чиқилди. Очиқ суд мажлисида баён этилган ҳолатлардан келиб чиқиб, суд меҳнат шартномасини бекор қилишинида, Меҳнат кодексининг 101-103- ва 108-моддалари қўпол равишда бузилганини инобатга олиб, даъвони қаноатлантирди. Вилоят минтақавий филиалининг буйруғини ғайриқонуний деб топди. Даъвогарларни ишга тиклашни, даъвогарларга мажбурий прогул кунлари учун Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сон қарорига 6-иловаси асосида ҳисоблаб чиқарилган ўртача ойлик иш ҳақларини ундиришни лозим топди.
Нодирбек МАМАТАЗИЗОВ,
Андижон вилоят прокуратурасининг бўлим бошлиғи.