РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Алимент пулини тўлашдан озод этиш суд тартибида ҳал қилинади
Жорий йилнинг 24 июль куни Telegram ижтимоий тармоғининг “BASTION” каналида 26.02.2021 йилдаги суд қарорига асосан қарздор ундирувчининг ўз номига очилган карта рақамига 5 ой мобайнида жами 13 млн. сўм ўтказганлиги, шунга қарамай МИБ Балиқчи туман бўлими томонидан ушбу пуллар ҳисобга олинмай алимент қарзини ундириш қарздорнинг иш ҳақига қаратилгани юзасидан мурожаат қолдирилган.
Мурожаат юзасидан Мажбурий ижро бюроси Андижон вилояти бошқармаси қуйидагиларни маълум қилади.
Аниқланишича, фуқаролик ишлари бўйича Избоскан туманлараро судининг 26.02.2021 йилдаги суд буйруғига асосан қарздор А.Хожимуратовдан ундирувчи М.Хожимуратова фойдасига 2 нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар ойлик иш хақи ва бошқа даромадларидан 1/3 қисм миқдорида алимент ундириш белгиланган.
Мазкур ижро ҳужжати Бюронинг Балиқчи туман бўлими юрутувига 01.03.2021 йилда келиб тушган ва ижро иши юритишни кўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Ижро ҳаракатлари давомида мудофаа тизимида ишловчи ҳарбий хизматчиларнинг ойлик иш хақи ва бошқа даромадлари “МИБ Портал” дастурига бириктирилмаганлиги сабабли, қарздорнинг иш хақи маълумотлари алоҳида тартибда аниқланиб, алимент қарздорликни ундириш ҳақидаги талабнома 10.09.2021 йилда қарздорнинг иш жойига юборилган.
Қарздор А.Хожимуратовнинг алиментдан бўлган қарзи 18 570 304 сўмни ташкил этганлиги тарафларга маълум қилинганда, қарздор муқаддам апрель-сентябрь ойларида жами 13 350 000 сўм пул маблағларини ундирувчи М.Хожимуратованинг илтимосига кўра унинг номига “Ҳамкорбанк” томонидан расмийлаштирилган пластик карта рақамига ўтказиб берилганлигини маълум қилган.
Бироқ, ўрганиш давомида фуқаро М.Хожимуратова қарздор А.Хожимуратов томонидан ўтказиб берилган ушбу пул маблағларини алимент учун олмаганлигини, қарздор қарзи учун тўлаганлиги, шунингдек, алимент учун “Алоқа банкдан” очилган махсус карта рақамига ўтказилмаганлиги юзасидан эътироз билдирган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.11.2020 йилдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 6118-сонли Фармонига асосан алимент мажбуриятларини ижро этишнинг ягона ахборот тизими жорий этилган бўлиб, алимент пуллари Бюро томонидан ижро ҳужжатлари бўйича ундирувчи (алимент олувчи) номига расмийлаштирилган тегишли банк картаси, яъни алоҳида банк ҳисобварағи орқали ўтказилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 105-моддаси, 3-қисмида “Алимент миқдорини камайтириш ёки уни тўлашдан озод қилиш учун асос бўлган ҳолатлар тугаганда манфаатдор тараф алимент қонунда белгиланган миқдорда ундирилишини талаб қилиб, судга мурожаат этишга ҳақли” эканлиги белгилаб қўйилган.
Шунга кўра, қарздор А.Хожимуратов алимент қарзини ҳисоблаш юзасидан эътирозлари бўлган тақдирда фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжудлиги тушунтирилган.
МИБ Андижон вилоят бошқармаси