ДАРДИНГ БЎЛСА БЎЛСИН, ҚАРЗИНГ БЎЛМАСИН

Қарз борасидаги муносабатларда қонунни билмаслик, олди-берди жараёнида хат-ҳужжатларга нисбатан эътиборсизлик куни келиб жуда қимматга тушиши мумкин. Яқинда Андижон вилояти судининг фуқаролик судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилган низо ҳам бу фикрнинг исботидир.
Ҳамиджонда (исмлар ўзгартирилди) тадбиркорлик қилиб бойиб кетиш мақсади бор эди. Банкда ишлаганлиги учунми, банкка келган фуқароларнинг пулларини фоизи билан қайтариш шарти билан олиб, маблағ асосида тадбиркорлик билан шуғулланишни режалаштирди.
Банкка омонат масаласида тез-тез келиб турадиган Даврон отага фоиз тўлаш шарти билан олти ой муддатга 100 миллион сўм қарз бериб туришни сўраб, уни банкдаги омонатдан кўра кўпроқ фойда кўришига ишонтирди. Даврон ота ёзма шартномага асосан, унга қарз бериб турадиган бўлди. Келишувга асосан қарздор Даврон отага ҳар олти ойда пул маблағларини фоизлари билан тўлаб турди, бироқ берган пулларига тилхат олишни ўйламади. Даврон ота эса ҳар олти ойда шартнома муддати тугаганда, Ҳамиджонга берган пулларига яна пул қўшиб, янги шартнома имзолатиб оларди. Ҳамиджон эса қарзнинг ҳисоб-китобини кўп-да ўйламасди. Бу ҳолат бориб-бориб, уни қарзларини тўлай олмайдиган ҳолга келтирди. Гап шундаки, Даврон ота билан ўрталарига совуқчилик тушди-ю, ҳақдор 1 миллиард сўм ундиришни сўраб, уни судга берди.
Ҳалқимизда “Олмоқнинг бермоғи бермоғи бор”, деган доно нақл бежиз айтилмаган. Қарз олдингми, албатта, тўлашинг шарт.
Қонунчиликда эса шундай қоида мавжуд: ҳар бир тараф ўзининг талаблари ва эътирозларига асос қилиб кўрсатган ҳолатларни исботлаши шарт.
Суд Даврон отанинг даъвосини кўриб чиқиб, ҳар иккала тарафнинг тушунтиришларини эшитиб, тўпланган барча далилларни текшириб, Даврон отанинг талаблари шартномага асосланганлиги, Ҳамиджон эса қарзини қайтарганлигини тасдиқловчи далилларни тақдим эта олмаганлиги сабабли, суд даъвони қаноатлантириш ҳақида қарор қабул қилди.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 732-моддасига кўра, қарз шартномаси бўйича қарз берувчи қарз олувчига пул ёки бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни қайтариб бериш мажбуриятини олади.
Қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.
Ушбу Кодекснинг 735-моддасига мувофиқ, қарз олувчи олинган қарз суммасини қарз шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда қарз берувчига қайтариши шарт.
Агар қарз суммасини қайтариш муддати шартномада белгиланган бўлмаса, қарз олувчи уни қарз берувчи қарзни қайтариш ҳақида талаб қўйган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида қайтариши керак.
Юқоридаги кодекснинг 737-моддасига кўра эса, ёзма шаклда тузилиши лозим бўлган қарз шартномаси юзасидан гувоҳларнинг кўрсатмалари ёрдамида даъволашиш мумкин эмас.
Ўз-ўзидан аён, қонунни билмаслик, беэътиборлик ва Даврон отага бўлган ишонч Ҳамиджонга жуда қимматга тушди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, бугунги кунда судларда қарз низолари кўпайиб бораётган экан, фуқаролар турли таниш-билиш ва ҳаттоки қариндошлардан қарз олаётганда ҳам, турли шартномаларни имзолашдан аввал, унинг мазмун-моҳиятини яхшилаб тушуниб олишлари, яъни етти ўлчаб, бир кесишлари даркор. Бундан ҳам тўғри йўл эса, имкон қадар бировдан олишга уринмасликдир. Ахир “дардинг бўлса бўлсин, қарзинг бўлмасин”, деб бекорга айтилганми?
Нурилло Шамсидинов,
Андижон вилояти суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси